ЎҚУВ БЎЛИМИ

Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш марказининг Ўқув бўлими Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил
14 июндаги “Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 453-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Бўлим Марказнинг таркибий бўлинмаси ҳисобланиб, Марказнинг ўқув жараёнини ташкил этиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.

Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича қисқа муддатли профессионал ўқитиш ва олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларида, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берувчи педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларида ўқув жараёнини ўқитишнинг замонавий технологиялари ва илғор тажрибалари асосида ишлаб чиқилган ўқув режа ва дастурларга мувофиқ юқори даражада ташкил этиш бўлимнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Марказда дарс жадвалларини тасдиқлаш ва ўқув машғулотларининг жадвалга асосан ва ўз вақтида сифатли ташкил қилинишини, тингловчиларнинг ўқув режага киритилган фанларни ўзлаштиришларини назорат қилиш, натижаларини таҳлил қилиш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўлимнинг асосий вазифалари ҳисобланади.

Шу билан биргаликда, бўлим томонидан тингловчилардан олинадиган назорат турларини шаффоф ва адолатли ўтказилишини таъминлаш, тингловчиларнинг жорий, оралиқ ва якуний назорат, ассисмент, портфолио, амалиёт, кириш ва чиқиш тестлари, шунингдек битирув ва малака ишлари балларининг ҳисобини юритиш, тегишли тартибда тингловчиларга эълон қилиш ва тингловчиларнинг рейтинг қайдномаларини расмийлаштириш ишлари ҳам амалга оширилади.

Юқоридагилар билан бир қаторда бўлимга тингловчилар учун Давлат аттестация имтиҳонини юқори даражада ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек Марказ фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш вазифалари ҳам юкланган.