Қисқа муддатли профессионал ўқитиш курслари

Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича қисқа муддатли профессионал ўқитиш курслари

Мазкур курслар тингловчиларнинг халқаро инвеститсия, халқаро хусусий, тижорат ҳуқуқи, халқаро арбитражнинг моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллаш, илғор адвокатлик техникаси, активларни халқаро қидириш ва уларни қайтариш, халқаро тергов қилиш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш ва бошқа шу каби муайян соҳага оид билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан, қоида тариқасида, ҳар йили 15 ноябрга қадар вазирликлар ва идораларнинг, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг буюртмалари асосида кейинги календар йил учун таълим йўналишлари кесимида профессионал ўқитиш курслари тингловчиларнинг ойлик дастлабки рўйхати шакллантирилади.

Тингловчиларни қабул қилиш Адлия вазирлиги томонидан белгиланадиган ўринлар миқдоридан келиб чиққан ҳолда ва суҳбат натижаларига кўра амалга оширилади. Суҳбат халқаро хусусий ва оммавий ҳуқуқ соҳасидаги билимлар, инглиз тилини билиш даражасини аниқлаш учун ўтказилади. Профессионал ўқитиш курсларида таълим олиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Ўқув жараёнида амалиётга йўналтирилган, шу жумладан, видео-конференс-алоқадан фойдаланган холда ўқитишнинг замонавий интерфаол усуллари қўлланилади. Марказда ўқув машғулотларини ўтказиш учун асосан хорижий юристлар ва тегишли чет эл мутахассисларини жалб қилиш шартнома асосда амалга оширилади.

Ўқув машғулотларини ўтказишга арбитраж, суд протсессларини ўз ичига олган халқаро ҳуқуқни қўллаш тажрибасига эга бўлган, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширувчи хорижий юридик компаниялар ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ходимлари ҳам жалб этилиши мумкин.

Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича қисқа муддатли  профессионал ўқитиш курслари ҳамкор хорижий юридик компаниялар, арбитраж институтлари ва бошқа таълим муассасалари билан ҳамкорликда тайёрланган дастурлар асосида ташкил этилади.

Курсни муваффақиятли тугатган тингловчилар Адлия вазирлиги тавсиясига биноан хорижий юридик компаниялари, халқаро арбитраж институтлари ва бошқа тегишли ташкилотларда 2-3 ойлик муддатда стажировкага юборилиши белгиланган.

Курс якунида тингловчиларга Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган намунадаги сертификат берилади.