МАРКАЗ ҲАҚИДА

Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази (Марказ) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–3666-сон қарорига асосан ТДЮУ ҳузуридаги Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тармоқ маркази негизида ташкил этилган.

Халқаро миқёсда Ўзбекистон Республикаси ва мамлакат ташкилотлари манфаатларини муносиб ифода эта оладиган юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича тайёрлаш, олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш орқали юридик таълим олишга кенг имконият яратиш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берувчи педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш Марказнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Марказнинг асосий вазифалари:

тингловчиларнинг инвестиция ва тижорат фаолиятида халқаро ҳуқуқ асосларини ўзлаштиришини, халқаро хусусий, тижорат ҳуқуқи, халқаро арбитражнинг моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини амалда қўллаш, илғор адвокатлик техникаси, активларни халқаро қидириш ва уларни қайтариш техникаси, халқаро тергов қилиш ва коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш соҳасида ўқитишни таъминлашга қаратилган юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича қисқа муддатли профессионал ўқитиш курсларини ташкил этиш;

қайта тайёрлаш жараёнида замонавий ёндашув ва технологияларни, хорижий ҳамда миллий илғор тажрибани умумлаштириш ва жорий қилиш, тингловчиларнинг таҳлилий фикрлаш қобилиятини юксалтириш, шунингдек норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатларни таҳлил ва талқин қилиш, қўллаш кўникмаларини шакллантиришга йўналтирилган инновацион педагогик технологияларни қўллаш, ҳуқуқ соҳасидаги фундаментал билим ва кўникмаларини шакллантиришга қаратилган интенсив ўқитиш дастурларини амалга ошириш асосида олий маълумотга эга бўлган шахсларни юридик мутахассисликка қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш;

педагог кадрларнинг касбий билимлари, кўникмалари ва маҳоратларини узлуксиз янгилаб бориш механизмларини жорий этиш ҳамда замонавий талабларга мувофиқ таълим сифатини таъминлаш учун зарур даражадаги касбий тайёргарликни ўстиришга қаратилган ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида ҳуқуқий фанлардан дарс берувчи педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш курсларини ташкил этиш.