Маҳаллий ҳамкорлик

Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги Юридик кадрларни халқаро стандартлар бўйича профессионал ўқитиш маркази бугунги кунда кўплаб давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, таълим муассасалари ва бошқа турли ташкилотлар билан меморандум, шартнома ва келишувларга асосан юридик таълим соҳасида ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, Марказ тинглолвчиларнинг назарий билимларини амалиётда қўллаш кўниклмаларини ривожлантириш ҳамда назариянинг амалиёт билан уйғунлигини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди, Тошкент шаҳар иқтисодий суди, Ўзбекистон савдо-саноат палатаси, Юристлар малакасини ошириш маркази, Тошкент юридик коллежи ва бошқа қатор ташкилотларда тингловчилар учун кўчма машғулотлар ташкил қилиб келинмоқда.

Кадрлар тайёрлаш соҳасидаги давлат сиёсати инсонни интеллектуал ва маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш билан узвий боғлиқ бўлган узлуксиз таълим тизими орқали ҳар томонлама баркамол шахсни шакллантиришни назарда тутади. Марказ томонидан ҳам тингловчиларни фан соҳаси ва юридик амалиётнинг энг сўнги ютуқлари билан таништириш, уларнинг юридик амалиётга йўналтирилган кўникмаларни шакллантириш ва ривожлантириш мақсадида ташкилотлар билан йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик босқичма-босқич ривожлантириб борилмоқда.

Бундан ташқари, Марказ томонидан мунтазам равишда ўзаро ҳамкорлик доирасида турли олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларига, жумладан, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университетининг Тошкент шаҳридаги филиалига, Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети ва бошқа таълим муассасаларга ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ташрифлар уюштириб келинмоқда.

Мазкур маҳаллий доирадаги ҳамкорлик педагог кадрлар касбий компетентлигини ривожлантиришининг замонавий ёндашувлари ва инноватсион шаклларини ўрганиш, ўқув жараёнига педагогик, ахборот-коммуникация технологиялари ва масофавий таълим методларини янада кенгроқ татбиқ этиш, инновацион ёндашувлар асосида қайта тайёрлаш ва малака ошириш жараёнлари сифатини ошириш, шунингдек кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги миллий тажрибаларни ривожлантириш имконини беради.